Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Бутунжаҳон туризм кунига бағишланган “Туризм - тараққиётнинг қудратли омили” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди

Бутунжаҳон туризм кунига бағишланган “Туризм - тараққиётнинг қудратли омили” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди
27.09.2019

2019 йил 27 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Кашфиёт” ўқиш залида Бутунжаҳон туризм кунига бағишланган “Туризм -  тараққиётнинг қудратли омили” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди ва шу санага бағишланган хужжатли фильм намойиш этилди. Кўргазмада сайёҳликни тарғиб қилувчи, фойдаланувчиларни мамлакатимизнинг ҳар бир минтақасининг ўзига хос тарихи, урф-одатлари, сайёҳлик салоҳияти ва маданияти билан таништирувчи адабиётлар ва фото суратлар тақдим этилган.

Ўзбекистон замини қадимдан Буюк ипак йўли чорраҳасидаги улкан салоҳиятга, табиий, тарихий ва маданий бойликларга, гўзал анъана ва урф-одатларга эга ҳудуд сифатида дунё эътибори ва эътирофига сазовор бўлган. Она заминимизда бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган аждодларимиз етишиб чиққан. Улар қолдирган бой маънавий-маданий меросга халқаро майдонда қизиқиш жуда катта. Бугунги кунда мамлакатимиз нафақат сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий соҳаларда, балки туризмда ҳам янги ривожланиш босқичига қадам қўйди. Мамлакатимизда 7 мингдан зиёд маданий мерос объектлари, ноёб тарихий ёдгорликлар, қадимий меъморчилик ва маданият обидалари мавжуд. Ҳар йили минглаб сайёҳлар Шарқ гавҳари – Самарқандни, қадимий Бухорони, гўзал Тошкентни ва Хива очиқ музейини зиёрат қилиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрадилар. Ўзбекистон хорижий сайёҳларни нафақат дунёга машҳур ўзбекона меҳмондўстлиги, қадимий ва замонавий меъморчиликнинг ноёб ёдгорликлари, балки мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳити билан ҳам ўзига жалб этмоқда.

“Туризм -  тараққиётнинг қудратли омили”  деб номланган китоб-расмли кўргазмада Ўзбекистоннинг турли минтақалари табиати, тарихий ёдгорликлари, мақбаралари ва зиёратгоҳлари тасвирланган китоблар тақдим этилган. Уларда республикамизнинг ҳар бир этник таркибига хос бўлган миллий урф-одатлар, либослар, анъаналар ҳақида бой маълумотлар берилган. Кўргазманинг катта қисми истиқлол йилларида эришилган ютуқларга бағишланган бўлиб, ундаги китоблар Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, ижтимоий ва иқтисодий инфратузилмаси, халқ фаровонлиги ва маънавий-маданий ҳаёти ҳақида маълумот беради.

“Туризм -  тараққиётнинг қудратли омили” деб номланган китоб-расмли кўргазмага ташриф буюрган фойдадаланувчлар “Ўзбекистон табиати”, “Ўзбекистон тарихи”, “Ўзбекистон”, “Навоий”, “Тошкент – ислом маданияти гавҳари”, Қорақалпоғистон ва барча вилоятлар билан батафсил таништирувчи китоблар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ