Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > “Қозоғистон-Ўзбекистон: ҳамкорликнинг янги уфқлари” деб номланган китоб кўргазмасининг тантанали очилиш маросими

“Қозоғистон-Ўзбекистон: ҳамкорликнинг янги уфқлари” деб номланган китоб кўргазмасининг тантанали очилиш маросими
27.09.2019

2019 йил 25 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Қозоғистон Республикаси Миллий кутубхонаси билан ҳамкорликда “Қозоғистон-Ўзбекистон: ҳамкорликнинг янги уфқлари” деб номланган китоб кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Халқаро тадбир Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида ва кутубхоналар ўртасидаги профессионал ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумга мувофиқ ўтказилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори У.Тешабаева меҳмонларни китоб кўргазмасининг тантанали очилиш маросими билан қутлар экан, “Қозоғизстон ва Ўзбекистоннинг маданий алоқалари узоқ ўтмишда туркий цивилизация даврида шаклланганлиги, кутубхоналар ўртасидаги касбий ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш учун янги имкониятлар ва маданий – гуманитар ҳамкорликнинг янада ривожланишига, қозоқ адабиёти билан танишишга туртки беради, шунингдек кутубхона ҳамкорлигини ривожланишида янги босқични бошлаб беради”, - деб  таъкидлади.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори ўринбосари Қ.Турсунов сўзга чиқиб, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар тенг ҳуқуқли асосда ривожланиб бораётгани, Қозоғистон ва Ўзбекистон халқларининг тили, урф-одатлари ва тарихий илдизлари муштараклигини ва мазкур тадбир Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий ҳамкорликни ривожлантириш учун яна бир ажойиб имконият эканлигини таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистондаги Қозоғистон Республикаси элчихонаси маслаҳатчиси, таниқли ўзбек ёзувчиларилари, давлат ва адабиёт жамоатчилиги, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи қозоқ миллати вакиллари, реставраторлар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар. Қозоғистон Миллий кутубхонаси “Қозоғистон китоблари” хизмати раҳбари М.Жаркналова самимий қабул учун Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбариятига миннатдорлик билдирди ва кўргазмадан ўрин олган китоблар тўғрисида сўзлади. “Тақдимотда ўрин олган китоблар Қозоғистон тарихи, адабиёти ва маданияти, Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти Н.Назарбоев фаолияти хроникаси, шунингдек ўтмиш ва хозирги даврнинг таниқли арбоблари асарлари ҳамда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни акс эттирувчи янги адабиётлардир”.

“Қозоғистон-Ўзбекистон: ҳамкорликнинг янги уфқлари” китоб кўргазмасидаги  барча китоблар Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ҳадя этилди.

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ